Konimex tumani
Blog
Sayt menyusi

Kirish

Ob-havo

Arxiv

So'rovnoma
Sayt sizga yoqdimi?
Barcha javoblar: 13

Mini-chat

Statistika



www.gigatop.uz

Online: 1
Mehmonlar: 1
A`zolar: 0

Приветствую Вас, Mehmon · RSS 18.06.2025, 14:07

Главная » 2013 » Sentabr » 13 » КЕТМОНГА СУЯНГАН ОДАМЛАР
18:14
КЕТМОНГА СУЯНГАН ОДАМЛАР



Эссе

Уйимизнинг кун чиқиш томонига ўрнатилган сўрида кун бўйи қишлоқнинг уч-тўрт нафар кексаси ўтган-кет­ганларни эслаб гурунг қилишарди. Темирдан ясалган сўрининг ёши ҳам кексаларнинг ёшига тенг бўлса ке­ра­гов. Чунки эсимни таниганимдан бери бор, ҳозир ли­қиллаб қолганидан ҳар томонига айри чўп тираб қў­йилган.

— Келдингми ўғлим, яхши иш­лаяпсанми, газета­ларинг­да ни­ма янгиликлар?

Ҳамсия, бизди нонни олиб келдингми? — ўрталади Ёқуб бо­бо пиёладаги алла­қачон со­вуб қолган чойни си­мираркан.

— Эсимда, олиб келдим, — де­­дим-да олдига бир уюм яроқ­сиз газета қоғозини таш­ладим. У киши махорка ўраб чекарди. Баъ­зан ундан тайёр сигарет чек­­сангиз бўл­майдими, деб сў­расам, ўзим қўлим билан ўраб чек­масам, хуморим босил­май­­ди, дерди.

— Эшитдингларми, ту­нов куни сойноқда от со­ву­тиш бў­либди, ном­дор ча­ван­дозлар қат­на­шибди, — туй­қусдан гапга қў­ши­либ кетди бир умр ёвонга сув ташиб, самовар қайнатиб кел­ган Чори бобо. — Лекинда, ҳо­зир­ги отлар ҳам, чаван­доз­лар ҳам айниб кетдими-ей, кўпка­риларда файз йўқ, улоқ чопаман деганларида уқув йўқ.

— Эсингдами, Тош аканинг са­мани билан Сапар бува­нинг қашқаси, ана улар ҳа­қи­қий кўп­кари от эди-да, — мавзу отларга кўчганидан завқланиб кетган Ёқуб бобо энтикканча гапни улаб кетди.

Қош қорайгунча давом эта­ди­ган ҳангомада мол боқиш қий­инлашиб бораёт­ган­лиги, қў­риқлар ўзлаш­ти­рилиб, пахта эки­лаётган­ли­ги, томорқадаги деҳқончилик сув тақчиллигидан фойда бер­маётганлиги, қўйинг­чи, ғийбат, фисқу фасодлардан холи бўлган ҳамма мавзулар бир-бир айлантириларди. Дав­рага Рамазон бобо би­лан Яраш акалар қўшилиб қол­ганда қиш­лоқда ким ким­нинг уруғи, асли ке­либ чи­қиши қаердан, ота-бо­болари ким бўлган, ҳам­масини аниқ айтиб беришарди. Қариб қол­ган бўлишса-да, ҳа­лиям хо­тираси бутун бу икки оқ­соқол юз йилликнинг нари-бе­риси­да­ги тарихни яхши би­лишарди. "Бекорчи чол­лар"­нинг ҳанго­ма­си эртаси куни яна худди шу тах­литда да­вом этар­ди. Кет­мон­­га суя­ниб те­тапоя бўлган қиш­­лоқ­нинг бу қария­ла­ри бутун умр тупроқ исидан маст бўлиб, яшаб кел­ди. Эрта тонгдан қош қо­райгунча, баъзан ярим тун­гача далада қолиб кетадиган бу одамлар ўша йил­лардаги ар­зимаган чойчақага қаноат қилиб яшашарди. 70-80-йил­­ларда пах­та дардига му­бтало бўлган шўро арбоб­ла­ри учун хомашё керак эди. Уни етиш­тирган деҳ­қонга эса ки­лоси учун 3 ти­йин­дан 5 ти­йин­гача, байрам кун­ла­ри терилган пахта учун эса 10-15 тийиндан ҳақ тўланарди. Шун­­гаям шукур қилишарди.

* * *

— Эна, отам бирон жойга кет­ганми, кечаям, бугунам кў­рин­мади?

— Отангди кеча районга олиб кетишди, уч-тўрт ми­лиса келиб.

— Нима учун, тинчликми?

Ўтган куни қишлоқдаги тўрт-беш ҳовлига томор­қасини суғориб олиш учун сув берган экан. Йўлдан ўтиб кетаётган район про­курори қишлоқ ичига оқа­­ётган сувни кўриб, ким очди, ким рухсат берди, бригадни топинглар, қамоқда чирита­ман, бу ёқда пахта ёниб ке­таяпти, деб тўполон кўтар­ган. Шунга отанг, мен рухсат берганман, де­ганакан, олиб кетишди, — деди энам сава­чўп билан эски увадаларни са­валаркан.

Учинчи куни отам соқол­лари ўсган, кўзлари кир­тай­ган ҳолат­да уйга кириб кел­дию менга:

— Бор, Жумани чақириб кел, қара, уйида бўлса, Му­род билан Эшниёзниям айт, — деди ки­йим­ларини ал­маштираркан.

Айтган одамлари тенгқур­лари эди, биламан, ёвондаги аҳвол­ни сўрайди. Хабарни етказиб қайтиб келганимдан кейин зум ўтмай, жўралари етиб келишди.

Ўт тушсин шўро сиё­са­тига, тўғри, пахтаям керак, лекин халқ­­чи, очдан ўл­син­ми, бир туюр томорқасини су­ғориб, экин ололмаса. Кўзим олдида сў­либ, қов­жи­раб бораётган экин­­ларни кў­риб, қандай сув бер­майман, отиб ташламай­ди­ми, — жиғибийрон бўлди отам.

— Бўлар иш бўлди, салла деса калла оладиган ўзимиз­ни­ки­ларнинг иши-да, — тас­кин бер­ган бўлди Жума ака.

— Пахтамизам гулга ўти­риб­ди, кеча сувни узаман, деб жўяк ораласам, кўзим ту­шиб қолди, — гапга қўшил­ди Мурод ака даврага бироз илиқлик киритиш илинжида.

— Баҳрон, энди бу гап­ла­ринг­ни йиғиштир, даладан хабар олиш керак, кўз-қулоқ бўп ту­рибмизку, шундаям ўзинг бир қара, суви узилган далалар ети­либ қолгандир. Трактор тузал­дими? — гапга якун ясади Эш­ниёз ака.

Шу йили бригада режани оши­риб бажарди, гектари­дан ўртача 34 центнердан ҳосил олишди. Эшниёз ака машинада 100 тоннадан оши­риб пахта терди. Хўжа­лик ҳам режадаги пахтани берса-да, лекин мав­сум чў­зилгандан чўзилди. Ҳам­ма теримга сафарбар этилган, декабрь ойи оёқлаб қолган бўлса-да, одамлар ғўзапоя­лар­нинг учларида илиниб қолган бир чигит пахтани из­лаб, дала кезишарди. Ўша 70-йилларда жамоа хў­жа­лиги раиси, уста пахтакор Абдухолиқ Ҳалимов ҳалол, пок, тўғрисўз инсон эди. Қў­шиб ёзишлар авж олган давр­­ларда бу ишга ўзиям, бош­қаларниям аралаштир­мади. Қанчалик зуғум ўтка­зиш­масин, эътиқодига содиқ қолди. Ур-йи­қит замон­лар­даям ҳеч кимга гард юқтир­ма­ди. Мустабид тузумнинг бало-қазоларига адл туриб берди.

* * *

Каллаи саҳарлаб туриб ол­ган энам рўзғор ишларини са­ранжомлагач, укамни кў­та­риб, мени қўлимдан етак­ла­ганча да­лага отланарди. Икковимиз ҳам хархаша қи­лардик, боғчага бор­майман деб. Энам бизни ову­тар­ди:

— Азиз момонг қараб ту­рибди (ёвонга чиққан аёл­лар­нинг бо­лаларига боғ­ча­лик қиларди). Ҳо­зир борай­лик, боғчага кўп қанд олиб ке­либди, — юпатишга тушар­ди.

Ўшанда қайси далада иш бўлса, Азиз момо ўша ерда тут сояларига беланчак тортиб, болаларга қарарди. Биз гўдак­лар эса тупроққа қоришиб, ўзи­миз билан ўзи­миз овора бўлиб ётардик. Қорнимиз очса, Азиз момо бирор бир ширинлик би­лан овутарди. Эмадиган бо­ла­лар­нинг эса онасини чақи­риб келарди. Биз анча ул­ға­йиб қол­гач, момо ҳам кек­са­йиб, куч­дан қолди. Боғча­лик­ни Болқон мо­мога топ­шир­ди.

Шўро давридаги бундай кўч­ма боғчаларда асосан 50-60-йилларнинг болалари тарбия­ланди. Тутларга тор­тилган бе­ланчакларда кет­монга суянган инсонларнинг фарзандлари мо­молар алла­си билан вояга етди.

* * *

Иккинчи жаҳон урушида қон кечиб, Берлингача бор­ган, тўқ­сонга тўқнашиб, омо­натини топ­ширган Шерназар бувамни ҳам­ма таниганлар "амак", деб ча­қи­ришарди. Айримлар ҳатто ҳақиқий ис­мини билишмасди ҳам. Оз­ғин, калта бўйли, ҳаёт таш­­вишларидан тарашадек қо­тиб қолган бу инсон Руқия мо­мом билан тўққиз нафар фар­зандни тарбиялаб, вояга ет­каз­ди. Рўзғор тебратиш илин­жида қилмаган иши қол­маган. Пахта йи­ғим-терими тугагач, тўрт-беш­­та қўйини боқиш учун тун­ларни тонгга улаб, ғўзапояга суя­ниб ух­лаган дамлари кўп бўл­ган. Ёши олт­мишдан ўтган­даям ўзи ғишт қўйиб, данғил­ла­ма имо­рат тиклаганди. Тад­бир­кор инсон эди. Фарзанд­ла­рининг барча­сини ўқитди. Ҳар доим уйида тўрт-беш сўм ор­тиқча пули бў­ларди, қарз сўраб келганларни қу­руқ қайтар­мас­ди.

— Бува, нимага уруш қат­наш­чиси сифатида имтиёз­лар­дан фойдаланмайсиз?

— Жаҳаннамдан қайтиб кел­ганимнинг ўзи менга муко­фот. Ке­йин қайта ҳужжат қи­лишга ғурурим йўл бермади.

— Ахир урушга қатнаш­ган­лигингиз аниқ-ку, ҳужжат нима керак?

— Сен билмайсан-да, бу­ларга одам эмас, бир парча қоғоз ке­рак, менда йўқ, орден-ме­дал­ларим бор, ле­кин қоғоз ўр­нига ўтмасакан. Ўшанда тушун­ма­ган­мизда, уруш тугади, ортга қай­­та­япмиз, бир дарёнинг бў­йига келиб дам беришди. Шун­да чўн­тагимдаги латтага ўрал­ган ҳуж­жатлар кўзимга ба­ло­дай кў­риниб кетди. Олдиму дарё­нинг ўртасига улоқтир­дим, бун­дай кунлар қайтиб келма­син, де­ган ниятда.

Ёши саксонга бориб, хас­та­ликдан сўнг ногиронлар ара­вачасига михланиб қол­ган буви кун­ларнинг бирида мени ча­қи­риб:

— Сенам энди ёзувчи­сан, эши­­тиб тураман ёзганла­ринг­ни, — деди. — Бу­валарингди суриш­тир, Қар­ши томонларда қолиб кет­ган. Суриштирсанг, бирор да­раги чиқиб қолар, ҳеч бўл­ма­са, дафн қилинган жо­йи­ни то­пиш­га ҳаракат қил.

— Билмасам бува, ҳозир ўт­мишни биладиган кек­са­ларни топса бўлармикан у то­мон­лар­да, — дедим.

— Астойдил киришсанг, то­па­сан, ҳеч бўлмаганда архив де­ган жой борку.

Бувам, яъни ўзимизнинг "амак" Мустақиллик йилла­рида ми­риқиб ишлади, меҳ­натининг роҳатини кўрди. Ум­рининг охи­ригача Юрт­бо­шимизнинг жасо­ратига, олиб бораётган доно сиё­­сатига таъзим қилиб ўтди.

* * *

Қишлоқда томорқада иш­лашда Рамазон бобо (мар­ҳум) билан Шерали бободан ўтари йўқ эди. Ҳозир ҳам шундай. Йил — ўн икки ойга етадиган деҳқон­чилигини то­морқасида етиш­тиради, ор­тиқчасини бозорга чиқа­ра­ди. Ўша пайтлари кўп­чи­лик қўни-қўшниларнинг ғаши келарди уларнинг тиниб-тин­чимаслигидан. Ҳозир ҳам­маси деҳқончиликнинг ҳадисини олиб қўйди. Бир даврада Ше­ра­ли бобо қан­дай қилиб то­морқада иш­лаш­га жазм қил­ганлигини га­пириб қолди:

— Энди уйланган кезларим, келди-кетди авжида, кунига меҳмон. Бир куни ёвондан келсам, янганг, меҳмон кел­ди, ош қилай, десам уйда гу­ручам сабзиям йўқ, деб қолди. Уч-тўрт сўм пул ол­дим-да тўғри катта отангга, Холбой бувага бордим. Ўша пайтлари фақат катта отанг майда-чуйда экин­лар билан деҳқончилик қиларди. Ҳовли­си­да сабзи, картошка, пиёз, шолғом қўйчи, рўзғорга нима керак бўлса, йил — ўн икки ой топи­ларди. Томорқасида ўзи етиш­тирарди, ҳатто уруғ­лик­кача. Бор­сам, ҳамишагидай то­мор­қада куймаланиб юр­ган экан, са­лом бердим-да:

— Мулла бува, меҳмон ке­либ қолди, икки-уч кило саб­зи бе­ринг, — дедим.

— Бошини кўтариб, ҳа Ше­рал, сенмисан, — икки қўлини ча­лиштириб, кетмонга суян­ганча тик қараб. Сабзи бор, лекин сен­­га сотмайман.

— Ибе, мулла бува, насияга эмас, пулим бор, — дедим.

— Биламан, пулинг бор, лекин қўлинг, оёғинг совми, ишлай­дими, ҳайҳотдай то­мор­қанг ётиб­ди қаровсиз, ишласанг, бел­лигингдан ту­шасанми?

Ўша куни уйга қуруқ қайт­дим, мулла бува сабзи сот­мади. Алам қилди, шу-шу то­морқадан чиқмайдиган бўл­дим. Ҳозирам йилига уч мар­тагача ҳосил ола­ман. Рўз­ғо­рим бут, молим тўқ.

* * *

Бутун умр рўшнолик кўр­май ўтган Тожихол момо ёлғиз эди. Етти нафар фар­зан­дини туп­роқ­қа бериб қўйган момонинг ёл­ғиз ногирон ука­сидан бошқа ҳеч кими йўқ бўлса-да, қиш­лоқ­да у кишини ниҳоятда эъзоз­ла­шар­ди. Кўп­чилик гўдакларга эна­­галик қилиб, киндигини кес­гани учун худди онамиздек ҳур­мат қилар­дик. Қайси оила­да фар­занд ту­ғилса, момо чақа­лоқ­нинг қирқи чиққунча ўша ер­да яшар­ди. Бар­ча расм-ру­сум­ларни ба­жариб бўлгач, қиш­лоқ­нинг че­тида мунғайиб қол­ган ға­­рибона кулбасига қай­тарди.

80-йилларда ёши етмиш­дан ошиб қолган момо омо­натини топширди. Қабрини қазишда талабгорлар кў­па­йиб кетди. Чунки нафақат қишлоғимизда, балки қўшни қишлоқлардаги хо­надон­ларда ҳам момонинг меҳри бор эди. Бу оналик меҳ­ридек илиқ ва самимий эди. У пайт­лар қабр қазиш фақат Ёқуб бобо, Чори бобо, Яраш бобо, Ра­мазон бобога айти­лар­ди (барчасини Оллоҳ раҳ­мат қил­син). Улар тартиб-қоидасини яхши били­шар­ди. Ёшларни ҳам гоҳ-гоҳида эр­гаштириб, ўрга­тиш­ди.

* * *

1991 йилнинг 31 августи куни. Ўша йиллари туман мар­казига қатнаб ишлар­дим. Кечқурун ишдан қайт­дим. Ўша қийшайган сўрида эндигина ёвондан қай­тиб, уч-тўрт улфатлари билан гап та­лашиб ётган отам мендан:

— Сен ташқарида юрасан, ўзи­миз бўлак давлат бўл­дикми, наҳотки ўзимизнинг эши­ги­мизни ўзимиз очиб-ёп­сак энди, пош­шомизга ба­ракалла, шун­дай улуғ ва муқаддас ниятлари­миз­ни амалга оширган Ислом ака­нинг жасоратига қойил, — де­­ди тўлқинланиб.

Ҳай, энди пахтаям, ғал­лаям, тил­лаям, пиллаям ўзи­мизда қолайкан-да, меҳ­на­тимизни сў­райдиганлар то­пилганлигига шукур, лекин буни нишонлаш ке­рак, нима дейсан Баҳрон, — пиё­ладаги совиб қолган чойдан ҳўп­лаб олган Мурод ака гапни илиб кетди.

Қарая, эски буваларимиз 20-30 йиллардаям озод­ликни қадрига етган, савод­ли ки­ши­ларни шўролар жис­монан йўқ қилишга ин­тил­ган, — суҳбат­нинг нишабини та­рихга буриб кет­ди Рама­зон бобо. — Силарди Қуд­рат эшон, Юлдош эшон бува­­ла­­ринг ҳам саводли, эрк­парвар бўлган. Шунинг учунам шўр­ликлар шўролар таъқибига учраб, сургун қилинган. Қабр­лари Қарши чўлларида қолиб кетган дейишади. Хўп замон­лар­ди кўриб қолдик-да.

Мустақиллик йилларида ҳам отам бригад бўлиб иш­ла­ди. Шу йиллари анча эркин, юракдан, завқ билан меҳнат қилди. Ўша йил­лари Э. Абдиев номли жа­моа хўжалиги раиси бўлиб иш­лаган кенг фикрли, муло­ҳазали, қўлидан газета қўй­майдиган Ибодулла ака Мустафоев бир куни отамга:

— "Баҳрон ака, пенсиягача де­манг, тажрибангиз бор, то чар­­чадим деганингизгача бри­гадни тортасиз, биламан, ҳали-бери чарчамайсиз, — деб мас­ла­ҳат солди.

— Умрим далада ўтди, 12 ёшим­­дан омоч қўшиб, қўш торт­ганман, бу ёвонлар худди ота уйидек бўлиб қолган. Меҳ­натдан қочмайман, Оллоҳ куни­ни, соғлигини берса, ҳам­қиш­лоқлар билан кўпайлашиб, тор­тавермиз-да.

— Айтганча, бугун таро­зи­хонада маълумотга кўзим ту­шиб қолди, маррага етиб қо­либ­­сизми, — сўраб қолди.

Ҳали борми дейман-да, агар ке­чаги терим бўлса, чиқиб қо­лар­миз, йўқса эртага-да.

Ҳаракат қилинг, бугун 30 сен­тябрь, октябрга ўтказманг.

Шу куни бригад режадан чиқ­ди. Мавсум тугагач, отам ҳам бри­гадни топширди. Чунки ке­йинги пайтларда тез-тез соғлигидан шикоят қилиб турарди. 60-70-йиллардаги оғир меҳнат, далаларга ишлатиладиган за­ҳарли кимёвий дорилар, иссиқ-совуқ кунлари ёвонда овқатсиз қолиб кетишлар таъсирини кўрсата бошлаганди.

2004 йилнинг августидан бутун умр дори, укол, дўхтир де­ганини билмаган отам ка­салхонага тушди. Қарийб икки ой тўшакка михланиб ётди. Дардининг тузалмаслигига кўзи етганди, бирдан тушкунлик кайфиятига тушиб қолди. Шу куни мендан кейинги укам, Ис­моил ёнида қолганди. Мен кел­дим, отамнинг руҳи анча тетик эди.

— Энди бу дарднинг давоси йў­ға­канда, а, ўғлим, дўхтирлар аниқ бир гап айтишаяптими, — озғин қўллари билан иягини силаркан.

— Ота, бирор нима един­гиз­ми? Сиз дармонга кир­сангиз, ка­саллик чекинади, — дедим юпат­­ган бўлиб.

— Сизлар кўпчилик ака-ука, син­гилларинг бор. Аканг Сувон­қулни ёлғизлатиб қўйманглар, жўжабирдай жон, мени шундан бошқа жигарим йўқ, амма­ла­ринг эгали, улардан кўнглим тўқ.

Бу отамнинг сўнгги сўзлари эди.

Қуёш ҳали юз кўрсатмай осмонида,

Хотин эрга чой қайнатар қумғонида,

Икки қулоқ ғўза, деҳқон хаёлида,

Осмон бугун қуйиб берди жаласини,

Деҳқон кетар ўйлаб ўша даласини.

Отам бир умр далада ишлади, рўзғорини кетмон билан боқди, энам билан биз фарзандларини кетмон билан тарбиялаб, вояга етказди, уйли-жойли қилди. Би­ровдан мартаба сўрамади, ун­вону мукофот кутмади. Бутун умр кетмонга суяниб ўтди. Мус­тақилликнинг мевасини татиб кў­ришга улгурди.

Исроил Холбоев,

Ўзбекистон Республи­ка­си­да хизмат кўрсатган жур­на­лист.


Просмотров: 993 | Добавил: Urazbaev | Теги: Manba: Dostlik bayrogi gazetasi | Рейтинг: 1.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Konimex © 2025