
Навоий шаҳрида биргина жорий йилнинг ўзида ўнлаб объектлар, шу жумладан, савдо нуқталари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, ошхона ва турар-жойлар қад ростлади.
Айниқса, "Навоий савдо комплекси" МЧЖга қарашли йирик савдо мажмуасининг ишга тушгани катта шодиёнага айланди. 2013 йилнинг олти ойи давомида 10 та маиший хизмат кўрсатиш, 21 та савдо, 2 та умумий овқатланиш, жами 40 та объект қурилиб, фойдаланишга топширилгани шаҳримиз аҳолиси учун чинакам совға бўлди. Шунингдек, "Обод турмуш йили" Давлат дастурига киритилган 86 та маданий-маиший объект қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Янги қурилаётган кўп қаватли уйлар ҳақида гапирганда, шаҳарнинг 10-кичик туманида пудратчи ташкилот "Темур-Малик" МЧЖ томонидан бунёд этилган етти қаватли 124 хонадонга мўлжалланган турар-жой биноси ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз. Замонавий меъморчилик ечимлари асосида қурилган ушбу уйнинг фойдаланишга топширилиши истиқлолимизнинг 22 йиллик тантаналари арафасида ҳамшаҳарларимизга ўзига хос совға бўлди. 17-кичик туманда пудратчи ташкилот "Муқаддас Амира" ХК томонидан қурилаётган 40 хонадонли турар-жой биносида ҳам пардозлаш, сантехника ишлари 96 фоизга бажариб бўлинган. Тез орада бу хонадонларда уй тўйлари бўлиб ўтади. Бундан ташқари, шаҳарнинг 10-кичик тумани ва 17-кичик туманларида кўп қаватли турар-жой биноларининг қурилиши бошлаб юборилган.
Маълумки, юрт ободлигини белгиловчи омиллардан бири йўллардир. Шу маънода, шаҳримиздаги "Fалаба" шоҳ кўчаси билан яқинда асос солинган Таробий кўчасини туташтирувчи йўлнинг асфальтлаштирилгани бу ерда яшовчи аҳоли учун яна бир қулайлик бўлди. 2013 йил дастурига асосан шаҳарда ички йўлларни қуриш, таъмирлаш бўйича 91,2 миллион сўм маблағ ажратилган. Мазкур маблағга "Истиқлол" МФЙ ҳудудидаги "Гулистон-3" массиви ички кўчаларини асфальтлаштириш ишлари 100 фоизга бажарилди.
Шаҳар аҳолисига сифатли автотранспорт хизматини кўрсатиш мақсадида 2010-2011 йиллар давомида Самарқанд шаҳрида ишлаб чиқарилаётган "ISUZU" русумли автобуслардан 90 та олиб келиниб, фуқароларнинг талаб ва таклифлари асосида янги йўналишлар ташкил этилди. Ўтган йилда эса "Аскомжтранс" МЧЖ томонидан 30 та шу русумдаги автобус олиб келиниб, йўналишларга қўйилди.
Юқоридаги каби чора-тадбирлар вилоятимиз марказида амалга оширилаётган ишларнинг бир қисми, холос. Янги қурилиш лойиҳалари, меъморчилик мўъжизалари истиқлол шарофати билан кун сайин чирой очаётган шаҳримиз жамолига янада чирой қўшиши шубҳасиз.
Озод ШОДИЕВ,
Навоий шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи.